Барча аёллар, айниқса эркаклар ўқисин. Тарқатинг

Panda avatar   
Panda
МИЛЛАТНИ ЗОМБИЛАШТИРМОҚЧИ БЎЛСАНГ АЁЛЛАРНИ, ОНАЛАРНИ ЗОМБИЛАШТИР
(Барча аёллар, айниқса эркаклар ўқисин. Тарқатинг)
Кимнингдир "Миллатни йўқ қилмоқчи бўлсанг, оналарни саводсиз қил" дегандай гапи бор эди.
Умуман бирон халқ, миллатни бузиш, йўқ қилиш ёки тараққиёт топтириш учун аёллар, оналар орқали ўтиш доҳиёна фикр. Эркаклар томонидан эркаклар учун қурилган жамиятларда аёлларнинг бир соҳада роллари бирламчи эканлигига кўпчилик эътибор бермайди.
Юртимизда 1990 йилларда шафқатсизларча бостирилган, йўқотилгани йўқотилиб, қолганлари қулай пайтни кутишлари учун инларига кириб кетган ҳизбчилар, ваҳобийлар, икромийлар ва ҳоказолар узоқ йиллар давомида жамиятни зомбилаштиришга уриниб келадилар.
Шу пайтгача улар асосан эркакларни зомбилаштиришга ва оила бошлиғи ўз оиласини зомбилаштиришига урғу бериб келдилар. Буям бир метод, аммо узоқ вақт оладиган, икки мартадан бирида ишламай қолиши мумкин бўлган метод ҳисобланади.
Сўнгги 5-6 йилларда очиқлик сиёсати шарофати билан инларида карахт бўлиб ётган радикалларнинг елкаларига қуёш теггач, ижтимоий тармоқлар орқали улар яна ҳаракатга кела бошладилар.
Уларнинг стиллари доимгидай: улар барчани-еврейларни, аёлларни, атеистларни, ўз ота-оналарини, айтганларини қилмаган мусулмонларни дискриминация қилишлари, ҳақоратлашлари, ерга уришлари, таҳдид қилиб қўрқитишлари мумкин, агар уларни сал танқид қилинса, "Вой дод, инсон ҳуқуқлари, менинг диний эркинликларим, Конституция, демократия деб умуминсоний қадриятларни баҳона қилиб, ортига яшириниб оладилар.
Ва ниҳоят улар сўнгги йилларда Яқин шарқ, Шимолий Африка ва Европанинг демократик давлатларида синовдан ўтган бир методни Ўзбекистонда қўллай бошладилар.
Бу аёлларни зомбилаштириш орқали жамиятни зомбилаштириш методи. Бу метод икки баробар самарали, кафолатли ва анча мустаҳкам ҳисобланади.
Аёллар ҳам одам, улар ҳам ўйлайди, фикрлайди, яхши яшашни хоҳлайди, манфаатларини ҳимоя қилади, орзу ва мақсадлари сари интилади.
Патриархал жамиятда ёзилган ва ёзилмаган қонун ва қоидалар эркаклар томонидан ва эркакларга мослаб тузилганлиги учун аёллар бу ишни вазиятдан келиб чиқиб амалга оширадилар.
Патриархат минг йиллардан бери давом этяпти, аёллар ҳали ҳам шу ерда. Улар жоҳиллик даврларида ҳам, уруш ва тинчлик замонларда ҳам, қолоқлик ва фаровонлик замонларда ҳам, диний радикал замонларда ҳам, атеистик ва коммунистик замонларда ҳам кунларини кўрганлар. Кўришга мажбурлар. Бу йўлда аёлларнинг кўплари дош бера олмай нобуд бўлади, кўплари бир умр қийинчилик ва хорликларда яшаб ўтади, кўплари жамиятга, мавжуд қоидаларга мослашиб, рўшноликда яшайди, камсонлилари эркакларнинг зўрлари орқали қолган эркаклардан устун бўлиб олиб, қудратга эришади.
Бу қисқача таҳлилий пауза эди.
Хуллас, советлар туфайли, замон туфайли, халқаро ҳамжамият туфайли Ўзбекистонда мукаммал бўлмаса-да аёллар нисбатан эркин жамият юзага келган ва бу радикаллар учун катта тўсиқ эди.
Бугунга келиб радикаллар, ўзбек жамиятини зомбилаштиришни истасалар бунинг учун аёллар орқали ўтишлари кераклигини англаб етдилар ва уларнинг пирлари бу ишни метод ва пухталик билан амалга оширмоқдалар.
Аёлларни қизиқтириш учун жамиятда диндор бўлиш, тақводор бўлиш фойдалироқ, кун кўриш, обрў қозониш учун қулай, фойдали эканлигини сингдириб борилади. Аёллар эса минг йиллик "кун кўриш ҳимоя инстинктлари" орқали жамиятда кун кўриш, юксалиш учун тақводор, солиҳа бўлиб кўринишим керак экан деган ғояни мияларига сингдирсалар, барчаси осон кўча бошлайди.
Буларнинг барчаси ижтимоий тармоқлардаги каналлар орқали "Жума муборак" табригини юборишдан бошланади. Дастлаб, буни юбориш шунчаки бир тилак бўлган бўлса, бориб бориб у мажбуриятга айланади. Ундан кейин туғилган кунни "Шукрона кун", "Уммат бўлган кун" деб айтиш урфга киради, кейинчалик шундай қилиб айтмаслик тақвосизлик, солиҳа эмаслик размига айланади.
Туркиядан, кейинчалик араб давлатларидан олиб келинган кийим-кечаклар, буюмлар, атирлар, дори-дармонлар ва ҳатто оддий сувлар диний тус берилиб сотилади ва аёллар мунтазам равишда диний мавзулар, олди-бердилар, баҳс ва суҳбатлар ичида яшай бошлайдилар. Бир тарафда бизнес ҳам ривожланаверади, бошқа тарафдан диний деса сотиб олмаса гуноҳ деб ўйлайдиган зомбилашган аёллар шаклланиб бораверади.
Бу ишлар одатда жамиятнинг "чаққон" аёллари орқали аёллар гуруҳлари орқали олиб борилади ва у ерга эркаклар кирмайди. Яъни бу жамият ичидаги аёллардан иборат микро жамият бўлиб, у ерда нималар бўлаётганлиги, кимлар жамиятбоши бўлиб олиб бошқа аёлларни қайси йўлларга бошлаётганлигини, аёлларнинг миялари нималарни приоритет деб қабул қилиб бораётганлигини эркаклар ҳеч қачон билмайди.
Эркаклар фақат аёли борган сайин "солиҳалашиб", худо кўнглига солиб итоаткорлашиб бораётганлигини кўриб хурсанд бўлади холос. Аёл дастлаб, қариндошлар, синфдошлар ва бошқадошлар гуруҳларида "Жума муборак" юбориб юради, кейинчалик "Ўлгандан кейин ҳам дуо олиб юриш" деган мантларни юборишда ва ниҳоят домлаларнинг маърузаларини тарқатишда давом этади.
Бориб бориб, у намозга киради, ҳижоб ўрагиси келади, айримлари эрига иккинчи хотин олиб бергиси келиб қолади. Аҳмоқ эрга бундан ортиқ нима керак?
Қарабсизки, аёлларнинг айримлари жамиятда урф бўлган одатларга кўра мажбурликдан ҳижобга киради, аммо буни айта олмайди. Айтса соҳта мусулмон бўлиб чиқади. Айримлари эса, ҳижобни ростдан ўрайди ва ҳижобнинг курашчиси, тарғиботчисига айланади. Сўрасангиз чин дилдан "Ҳижобни ўзим хоҳлаб ўраганман ва бу менинг ҳуқуқим" дейди ва у бу гапни чин дилдан айтади. Фақат у билмайдики, унинг ўзи хоҳлагунча, қандай жараёнлар ва методлар унинг миясини шу ҳолатга олиб келган.
Менинг сўзларимга ишонишингиз шарт эмас. Фақат атрофингизга, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларга, аёлларингиз кирадиган "Аёллар гуруҳлари"га боқинг. Беш-олти йил олдинги ҳолат билан солиштириб кўринг.
Синфдошларингиз, курсдошларингиз, оила аъзоларингиз ва қариндошларингиз, дўстларингиз орасида ҳар жума систематик равишда "Жума муборак" юборадиганлар, мунтазам равишда диний каналлардан постлар улашадиганлар пайдо бўлмаганми?
Умуман олганда, бундан менга, сизга, аёлларнинг ўзларига фойда йўқ. Аксинча, зомбилашиш, мия ювилиши миллатни, жамиятни қолоқлашишга ва охир оқибат йўқ бўлиб кетишга маҳкум қилади.
Аммо қисқа муддатларда аёлларнинг зомбилашишидан диний блогерлар, уларнинг ҳамтовоқлари, динни ниқоб қилиб олган "шустряклар" аёлларни ўраш, ўйнаш, иккинчи, учинчи, тўртинчи хотин қилиб олиб, кейин ташлаб кетиш, эрлари чет элларда бўлган аёлларни зомбилаштириб ётоқларига киришда фойдаланмоқдалар.
Азиз юртдошлар, жумладан аёллар, бугунги кунда дунёда катта ўзгаришлар, геосиёсий ўйинлар юз бермоқда. Унда қудратли, ақлли, билимли жамиятлар ўз ўрнини топиб, қолоқ жамиятлар хўрликка, вайрон бўлишга ва охир оқибат йўқ бўлишга маҳкум бўладилар.
21 асрда барча ривожланишга, илф-фан ва технологиялар тарақииётига интилаётган бир пайтда қолоқликка, вайронкор ғояларга интилманглар. Сизга жамиятда ўрин ва қадр топиш учун зарурдай туюлаётган "солиҳалик ғоялари" бир тузоқ холос. Сизлар ўқимишли, эркин, ҳур фикрли бўлсангизлар ҳам солиҳа бўлмай қолмайсизлар. Умуман олганда, радикаллар сизларга ўргатмоқчи, сингдирмоқчи бўлаётган диний ғоялар сизга бегонадир. Аслида ҳақиқий муслималар, солиҳалар сизларсизлар. Сизнинг ким ва қандай бўлишингизни радикаллар эмас сиз ўзингиз белгилайсиз.
ПС. Зомбилар ва уларнинг пирларига алангали саломлар!

Комментариев нет