“Эркин иқтисодий зона”даги “шалдироқ арава”лар инсон ҳаётига нўқта қўймоқда...

{{ME name}} avatar   
{{ME name}}
Инсон яқин кишисидан жудо бўлганида қалбида қаттиқ оғриқ пайдо бўлар экан. Бугун менинг ёзишимга сабаб бўлган нарса йўқотиш ва алам. Бир неча кун илгари оиламиз бошига тушган мусибат юрагимни тирнаб т..

Бир неча кун илгари бир совуқ хабар айтишди. “Поччанг оламдан ўтиб қолди!”. Ўша заҳотиёқ Тошкентдан Хоразм томонга йўлга отландик. Тунги соат 23:40 ларда пойтахтдан чиқиб кетдик. Эрталабки 9 яримларда етиб бордик. Поччамизни ҳали “морг”дан олишолмаганди. Экспертизадан сўнг уйга олиб келишди. Жаноза бўлди ва дафн қилишди. Ҳали 30 га кирмаган фарзанд ҳам кўра олмай бу ёруғ оламни тарк этган забардаст йигитнинг оламдан ўтиши жуда ҳам оғир мусибат.

Барча шок ҳолатда. Биров бировни танийдиган гапирадиган аҳволда эмас эди. Эртаси куни эса ўлимга нима сабаб бўлганига қизиқдим. Ўзи нима бўлди? Ахир, ҳаммаси яхши эди-ку?! Поччанг қаттиқ шамоллаб ўпкасига сув йиғилибди. Касалхонада беш кун ётиб чиқди. Пневмония бўлган. Бундай ҳолатда салқинда юрмаслиги керак экан.

У эса касалхонадан чиқа солиб авто машинасини ювдиришга кирибди. Ўша ерда нафас етмай йиқилибди. Ёнидагилар тез ёрдам чақиришган. Минг афсус тез ёрдам келгану, аммо тез ёрдам машинасида кислород аппарати йўқ экан. Касалхонага етиб боргунча жони узилибди. Тасаввур қиляпсизми,юрак уриб турган аммо битта ўша аппаратнинг йўқлиги панд берган холос. Алам қилиб кетаркан одамга. Наҳотки туман марказининг катта касалхонасида тез ёрдам учун шароит бўлмаса? Бу “шалдироқ арава” “Дамас”лар нимага керак? Ҳеч қандай жиҳози бўлмаса...
effect.uz

Яна қанча инсон ёрдамга муҳтож бўлиб жон таслим қилиши керак? Шифокорларни мен айбламайман. Айнан ўша куни навбатчи бўлган шифокорни мен шаҳсан яхши танийман. Малакали шифокор. Бироқ уларга яхши ускуналар ажратилмаса бу малакали шифокорларинг малакаси ҳеч нарсани ўзгартира олмайди.

Бутун дунёда авж олган пандемиядан бехабар эмасмиз-ку?! Ҳар ўнта касалдан 7 ёки 8 таси COVID ва шунга алоқадор касалликлар бўлса. Бу тақир-туқур “Дамас”ларда борган шифокорлар қандай қилиб тез тиббий ёрдам кўрсата олсин. Ва яна бир масала бор. Бу воқеа Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани маркази Питнак шаҳрида бўлган.

Бундан бир йил илгани Питнаклик бир гуруҳ фуқаролар айнан мана шу тез ёрдам,соғлиқни сақлаш, ичимлик суви, йўллар масаласида катта мурожаат билан чиққан эдилар. Шахсан ўзим улар билан суҳбат ўтказганман. Орадан кўп ўтмасдан йўллар таъмирлана бошлагани ҳақида хабарлар тарқалган.

effect.uz

Минг афсус орадан беш олти ой ўтиб, Хоразмга борган чоғимизда қўл учида қилинган ишлардан хафа бўлиб кетдик. Яп-янги ҳали ярим йил ҳам бўлмаган асфальт йўлни кўрган одам камида ўн беш йил аввал қилинган деб ўйлайди. У ҳам бўлса чала ва эгри-бугри. Йўлнинг эса атиги бир икки км жойи таъмирланган холос. Питнак шаҳри эса жуда аянчли аҳволда. Қизиғи, у шаҳарда бир нечта ишлаб чиқариш заводлари бор.

Чет эллик меҳмонлар доимий келиб кетади. Давлат раҳбари Питнакни Эркин иқтисодий зона деб эълон қилган. Алоҳида туман қилган ва Питнак туман маркази этиб белгиланган. Шаҳарда марказий касалхона мавжуд каттагина. Ўша касалхонанинг тез ёрдам машинаси ҳақида юқорида алоҳида тўхталиб ўтдим. Бу касалхонага олиб борувчи йўл эса пахта эгатидан-да, баттар ҳолатда.

Ўлмайдиган одам ҳам ўша “расво” тез ёрдам машинасига солиб олиб борилса, етиб боргунча жони узилиши тайин. Хоразм деганда Ўзбекистонликлар алоҳида бир гўзал тарихни кўз олдига келтиради. Аммо Хоразмда кўзи кўр ва қулоғи кар маъсуллар ишлашади. Ажратилаётган миллардалаб пуллар қаерга кетмоқда? Нимага аҳолининг ярмидан кўпи Россия ва Қозоғистонда? Нима сабабдан Бутун бошли Питнак аҳолиси ҳар кунлик ичимлик сувини бир литрини 100 сўмдан сотиб олиб ичади? Нима учун ҳар кунлик сувини сотиб олади? Касаллик кўп...

Қон босими, юрак-қон томир касалликлари бутун Хоразмликларга мерос қолиши керакми? Ҳатто ўқимишли йигитлар ҳам Россияда қора ишчи бўлиб юришади Ўрта маҳсусларни айтмаса ҳам бўлаверади. Мен агар бегона жойдан бўлсам буларни аниқ ёза олмасдим. Бироқ, ўзим ўша тупроқ фарзандиман. Менинг яқинларим, жигарларим ўша ерда. Кўзларим кўриб турибди камчиликлар ва кўз бўямачиликларни. Гапирсак гап тугамайди. Амали қаерда?

Ҳеч бўлмаса соғлиқни сақлаш тизимига яхшироқ эътибор қаратиш лозим эмасми? Шалдироқ араваларни темир-терсакка топшириб, бутун Республикага барча шароитга эга тез ёрдам машиналарини бериш вақти келмадими? Қачонгача тез ёрдам машинасида ёшгина йигит-қизлар жон бериши керак? Қачонгача арзимас бир ускуна йўқлиги учун яқинларимизни қора ер бағрига топширишимиз керак? Ичида ҳеч қандай шароити бўлмаган “машина”ларнинг даври ўтмадими? Биринчи ёрдамни бериш учун шароити бўлмаса тез ёрдамнинг борганидан нима фойда? Шифокор етиб борса ҳам бормаса ҳам инсонлар ўлиб кетаверса...

Бу ҳолатга фақат хоразмликлар эмас барча чекка ҳудуддагилар дуч келмоқда. Давлат маблағларини талон тарож қилаётганлар бироз нафсини тийиб олиб, ўз маъсулиятини ҳис қилганларида эди. Кўплаб муаммолар бартараф этилар ва одамлар арзимаган сабаблар билан ўлиб кетавермас эди...

Рухсора Баҳромзода - Effect.uz


Комментариев нет