Одамларга палов тарқатган ўзбекнинг ўлими бутун Украинани ларзага келтирди

PiKey  avatar   
PiKey
Украинанинг Чугуев шаҳрида маҳаллий аҳолига палов тарқатган 36 ёшли ўзбекистонлик Сардор Ҳакимов ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Настоящее время” хабар бермоқда.....

Украинанинг Чугуев шаҳрида маҳаллий аҳолига палов тарқатган 36 ёшли ўзбекистонлик Сардор Ҳакимов ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Настоящее время” хабар бермоқда.

Уни бутун Чугуев танир эди. Ҳамма Сардор Ҳакимовнинг тирик эканлигига охиригача умид қилган эди. У доим жилмайиб турарди, у жуда позитив инсон”, - дейди Харков вилояти ҳокимлиги раҳбари Олег Синегубов.

Маҳаллий имом Тимур Беридзенинг айтишича, Сардор Ҳакимов отишма пайтида ертўлада бўлиб, у ерда палов тайёрлашга тайёргарлик кўраётган бўлган.

Маълум бўлишича, ҳужум вақти бинода 7 нафар кўнгилли бўлган, улардан 3 нафари вайроналар остидан ўзи чиқиб олган. Мансур Ҳакимовни эса қутқарувчилар вайроналар орасидан олиб чиқиш учун 5 соат вақт сарфлаган. 

Икки кунлик қидирувдан сўнг вайроналар остидан, афсуски, Сардор ва унинг Виктория исмли кўнгилли ёрдамчисининг жасади олиб чиқилган. 

Маълумот ўрнида, Ҳакимов 2000 йилдан бери Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрида истиқомат қилган.

Azon.uz’га кўра, урушдан кейин, 2014 йилда у Чугуевга кўчиб ўтди. У ерда ўзбек ошхонаси ва зираворлар дўконини очди.

Россиянинг Украинага босқинидан кейин Ҳакимов оиласини Ўзбекистонга юбориб, Чугуевда қолиб, одамларга ёрдам берган.

Сардор Ҳакимов 25 июль куни вайроналар остидан қутқарилган Мансур Ҳакимовнинг укаси ҳисобланади. Сардорнинг ўлими бутун Чугуевни ларзага солди. Сардор Ҳакимовга ҳудуддаги масжидда жаноза ўқилиб, мусулмонлар қабристонига қўйилган. 

Шаҳар аҳли Сардорнинг номини абадийлаштириш учун кўчалардан бирига шу исмни қўйиш ташаббусини билдиришган.  

Чугуевдаги маданият саройи ертўласида муҳтожлар учун хайрия паловини тайёрлаб келган Сардорнинг ишини акаси Мансур Ҳакимов давом эттирмоқчи.


Комментариев нет