Ўзбекистонда 1 сентябрдан олий таълим муассасалари ходимлари маоши оширилади

Panda avatar   
Panda
Табақалаштирилган базавий лавозим маошлари оширилишини назарда тутган ҳолда эгаллаб турган лавозимидан, илмий унвон ёки даражаси борлигидан келиб чиқиб белгиланади..

Ўзбекистонда 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб 81 та олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва 136 та илмий-тадқиқот институтлари илмий ходимлари таркибининг барча базавий лавозим маошлари миқдорлари сезиларли оширилади, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири давлат раҳбари қарорига таянган ҳолда.

Базавий лавозим маошлари табақалаштирилган ҳолда оширилиб, биринчи ўринда илмий унвон ёки даражага эга бўлган ходимларга тадбиқ этилади. Ўртача ҳисобда базавий лавозим маошлари 25 фоизга оширилади (стажерларга 5% дан олий таълим муассасалари профессорлари ва илмий-тадқиқот институтларининг бош илмий ходимларига 38% гача).

Табақалаштирилган базавий лавозим маошлари оширилишини назарда тутган ҳолда эгаллаб турган лавозимидан, илмий унвон ёки даражаси борлигидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда стажер билан профессор ўртасида базавий лавозим маошлари миқдорлари 100 фоизга, ёки икки бараварига оширилиши кўзда тутилади.

Таклиф қилинаётган чора-тадбирлар олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби ва илмий-тадқиқот институтларининг илмий ходимлари ўз билимлари ва касбий кўникмаларини доимий равишда ошириб боришлари, илмий фаолиятларини олиб боришлари учун рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилган.

 

2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб базавий лавозим маошлари оширилишига ҳаммаси бўлиб 73,8 млрд. сўм (38,4 — давлат бюджети маблағлари), улардан 60,3 млрд. сўм — олий таълим муассасалари учун (24,9 — млрд.сўм давлат бюджети маблағлари), 11,3 млрд. сўм — илмий-тадқиқот институтлари учун, шунингдек, 2,2 млрд. сўм олий таълимдан кейинги таълим институтлари учун қўшимча ажратилиши режалаштирилган. Шу билан бирга республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларига меҳнат ҳақи тўлашда қўшимча ойлик ҳаражатлари миқдори 18,4 млрд. сўм бўлиб, жумладан, 9,6 млрд. сўми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қарор билан алоҳида белгиланганки, олий таълимдан кейинги таълим институтларида таълим олаётган 1923 нафар тадқиқотчиларга илмий унвони ёки даражаси бўлмаган кичик илмий ходимнинг базавий лавозим маоши миқдорларига тенглаштирилиб, 1,76 млн. сўм, (базавий докторантура, 1669 нафар) ҳамда фан номзоди илмий даражаси ёки унвони бўлган етакчи илмий ходимнинг базавий лавозим маоши миқдорларига тенг бўлган — 2,2 млн. сўм (докторантура, 254 нафар) миқдорида оширилган стипендия (17 фоиз-18 фоизга оширилади) тўланади.

Мазкур қарор билан фан доктори илмий даражаси бўлган профессорлар меҳнат ҳақи миқдори 38-44% га оширилади ва амалдаги 2,5 млн. сўм ўрнига 3,46 млн.сўм бўлади ва шу билан стажер-ўқитувчининг меҳнат ҳақи миқдори билан 100 фоизли тафовутни ҳосил қилади (стажер маоши — 1,73 млн сўм).

Илмий-тадқиқот муассасаларида фан доктори даражаси ёки профессор унвонига эга бош илмий ходимнинг меҳнат ҳақи амалдаги 2,25 млн. сўм ўрнига 38 фоизга оширилиб, 3,11 млн. сўмга етади, стажер-тадқиқотчи меҳнат ҳақи миқдоридан 100 фоизга ёки икки бараварга оширилади (стажер маоши — 1,55 млн сўм.).

Қабул қилинган қарор республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш йўли орқали таълим сифатини ва илмий фаолиятни ошириш масалаларини ҳал этиш, олий таълим муассасалари ва академик илм-фанини янада ривожлантириш, илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, истеъдодли ёш олимлар ва талабаларни илмий фаолият билан шуғулланишга жалб қилишга ёрдам беради, дейилади ҳужжатда.

Манба: Спутник-уз 


Fikrlar yoq